АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаменти, Калифорния университети ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази томонидан фузариоз вилтга юқори чидамли PSSJ-FRP01, PSSJ-FRP02 ва PSSJ- FRP03 ингичка толали ғўзанинг уч линияси яратилди. Ғўзанинг мазкур линияларининг яратилиши икки давлат олимларининг узоқ муддатли самарадор илмий ҳамкорлиги натижасидир.
Мазкур янги ғўза линияси селекционерлар ва пахта етиштирувчилар учун ингичка толали ғўзанинг фузариоз вилтга (FOV4) қарши чидамлилигини ошириш учун янги имкониятлар яратади. Бу, ўз навбатида, далаларда ҳосил нобуд бўлишининг салмоқли даражада камайишига олиб келади. Шунингдек, бу Ўзбекистон ва АҚШда ингичка толали пахта ишлаб чиқаришнинг истиқболи учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ингичка толали пахтанинг генетик базасини кенгайтиради.
Ингичка толали пахта йигирув сифати билан ажралиб туради – толаси ингичка, мустаҳкам ва узун бўлгани боис нархи ҳам баланд бўлади. Ундан тайёрланган ип пишиқ, матоларнинг сифати юқорилиги диққатга сазовордир.
Таъкидлаш жоизки, Fusarium oxysporum f. sp. Vasinfectum (FOV) замбуруғи чақирадиган фузариоз вилт касаллиги бутун дунёда пахта ҳосилининг катта миқдорда нобуд бўлишига олиб келади. Шунинг учун ҳам мазкур касалликка қарши кураш чоралари ҳамда унга чидамли пахта навларини яратиш икки давлат олимлари олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази ва АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаменти олимлари пахта геномикаси ва биотехнологияси соҳасида узоқ йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келмоқда. 2003-2020 йиллар давомида АҚШдаги турли илмий дастурлар ва фондлар ёрдамида жами ҳажи 2 миллион долларлик 7 та грант лойиҳаси амалга оширилди.
Халқаро ҳамкорлик натижасида геномика ва биоинформатика марказининг 25 нафардан ортиқ ёш олими АҚШда стажировка ўтаб қайтди.
Ҳозирда Геномика ва биоинформатика маркази ва АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаменти олимлари томонидан пахта фузариоз вилтини ўрганишга қаратилган илмий лойиҳа доирасида қўшма тадқиқотлар олиб борилмоқда. Геномика ва биоинформатика маркази олимлари фузариоз ва вертициллёз вилтга чидамли ўрта толали пахтанинг янги ген-нокаут линияларини яратган.
Н.Абдураимова, ЎзА