Москва шаҳрига хизмат сафари
Инновацион ривожланиш вазирлиги делегацияси жорий йилнинг 13 октябрь куни Москва шаҳридаги Россия фундаментал тадқиқотлар жамғармаси кенгаши раиси, «Курчатов институти» Миллий тадқиқотлар маркази вице-президенти, академик Владислав Панченко ва жамғарма раҳбарияти билан учрашди.
✅Учрашувда «Ўзбекистон-Россия» халқаро қўшма илмий лойиҳалар танлови доирасида ҳамкорликда фундаментал тадқиқотлар кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Бунда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан жорий этилган янги механизм – Scopus халқаро маълумотлар базасидаги Хирш индекси 5 ва ундан юқори бўлган россиялик олимларнинг ҳамраҳбарлигида қўшма фундаментал тадқиқотлар кўламини кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.
Инновацион ривожланиш вазирлигининг делегацияси Москва шаҳрида Россия Федерация Илм-фан ва олий таълим вазирлигига ташриф буюрди. Унда икки давлат ўртасидаги илм-фан ва инновацион фаолият соҳасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
✅Учрашув доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг амалий механизмлари муҳокама этилди. Томонлар ҳамкорликда халқаро илмий лойиҳаларда икки давлат олимларининг иштирокини таъминлаш, олимлар, мутахассислар ва докторантларнинг илмий стажировкаларини ташкил этишга келишиб олинди.
✅Учрашувда икки давлатнинг илм-фан ва инновациялар бўйича масъул вазирликлари – Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Россия Федерациясининг Илм-фан ва олий таълим вазирлиги ўртасида юқори даражада имзоланадиган Битим лойиҳасининг айрим жиҳатлари муҳокама этилди ва лойиҳанинг якуний матни ишлаб чиқилди.