МАС УСУЛИ АСОСИДА ЯРАТИЛГАН ҒЎЗАНИНГ БАЪЗИ БЕККРОСС КОМБИНАЦИЯЛАРИДА ТОЛА СИФАТ КЎРСАТКИЧЛАРИНИНГ СТАТИСТИК ТАҲЛИЛИ.
А.А. Азимов, Ф.Н. Кушанов, М.М.Дарманов, И.Б. Салахутдинов,
И.Ю. Абдурахмонов.
Объектив мавжуд ҳодиса ва жараёнлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликларни ўрганиш ва улар устида тадқиқотлар олиб бориш илм-фанда, хусусан биология ва генетика соҳаларида муҳим роль ўйнайди. Бунинг натижасида эса биологик жараёнларнинг ўзаро сабаб ва оқибат тарзида кечадиган мураккаб механизмларини чуқурроқ англаш имконияти пайдо бўлади.
Ҳозирда, жаҳон бозорида рақобатбардош пахта толасига бўлган эҳтиёж жуда юқори даражада бўлганлиги сабабли, тола сифати аввалгилариникидан юқори бўлган ғўза навларини яратиш селекционер олимлар олдида турган давлат аҳамиятига молик, стратегик долбзарб масалага айланди. Бундай масалаларни замонавий компьютер техникаси ва унга керакли дастурий таъминотлардан, эҳтимоллар назарияси ва математик статистика усулларидан, Республикамиз ва дунё бўйича геномика соҳасида тўпланган информациялар ва маълумотлар базаларидан, биология, генетика ва селекциянинг энг сўнгги ютуқларидан биргаликда қўлламасдан ечишнинг иложи йўқ.
Сўнгги йилларда Геномика ва биоинформатика марказида маркерларга асосланган селекция (МАС) усули ёрдамида яратилаётган янги ғўза навлари тола сифат кўрсаткичларининг яхшиланишига донор сифатида фойдаланилган линиянинг қай даражада таъсир этганлигини аниқлаш масаласи селекциянинг баъзи муаммоларини ҳал қилишда илмий ва амалий жиҳатдан муҳим аҳамият касб этади.
Семинарда корреляцион тахлил усулини куллаш натижасида олинган жадваллар, диаграммалар ва графиклар мухокама килинди ва натижалар шархи ва хулосалар купчилик катнашчилар томонидан маъкулланди.