Заказать
Ushbu qator to’ldirilishi shart
Ваше имя:*
Ushbu qator to’ldirilishi shart
Телефон:*
Ushbu qator to’ldirilishi shart
Галочка*
Скрытое поле:
Спасибо! Форма отправлена
Bosh sahifa/Yangiliklar/O`zbekston Milliy axborot agentligi

O`zbekston Milliy axborot agentligi

« Back

28.09.2015 11:45

Саховатли заминимизда етиштирилаётган ноз-неъматлар бутун дунёга маълум ва машҳур. Истиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қишлоқ хўжалиги тубдан ислоҳ қилиниб, ғалла мустақиллигига эришилди. Пахта яккаҳокимлигидан воз кечиш уни етиштиришни янада такомиллаштириш, янги серҳосил навлар яратиш, тола сифатини яхшилаш имконини берди. Дунё бозорида мамлакатимизда етиштирилган пахтага талаб мунтазам ортиб бораётгани бунинг ёрқин тасдиғидир. 

Талаб юқори бўлган оппоқ, толаси узун ва пишиқ пахта навларини етиштиришни мақсад қилган мамлакатимиз олимлари бу борадаги ишларга салмоқли ҳисса қўшмоқда. 

Пахтанинг турлари кўплигига қарамасдан, етиштирилаётган ғўза навлари генетик хилма-хиллигининг чекланганлиги дунё пахтачилигининг глобал муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. 

Жаҳон селекционерлари бир неча ўн йиллардан буён ўрта толали ғўза навини яратиш устида иш олиб бормоқда. Чунки ушбу нав толасининг ҳар бир қўшимча миллиметри унинг қийматини оширади. Бироқ тола сифатини яхшилаш жараёнида унинг эртапишарлик хусусияти ва ҳосилдорлигига путур етиши мумкин. Бир вақтнинг ўзида ўрта толали пахтанинг сифатини яхшилаш, гуллаши ва очилишини тезлаштириш, шунингдек, ҳосилдорлигини ошириш осон эмас. Ушбу вазифани ҳал этиш кўп вақт ва маблағ талаб этади. 

Мазкур муаммонинг ҳал этилиши қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш барқарорлигини, қисқа вегетация даврида кичик экин майдонларида юксак самараларга эришишни таъминлайди. Шунингдек, хўжалик юритиш фаолиятининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиради. Айнан шу жиҳатлар олимларимизни «янги авлод инновацион биотехнологияси»ни яратишга ундади. 

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экинларининг ген-ҳужайра инженериясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани олимларимизга ғўза геномикаси ва ген инженерияси соҳасида оламшумул янгиликлар яратиш имконини бермоқда. 

Сўнгги ўн йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази олимлари дунё илм-фанида биринчи бўлиб ғўзанинг муҳим аҳамиятга эга белгилари, хусусан, тола сифати, гуллаши, тезпишарлиги ва ҳосилдорлиги, турли биотик ва абиотик омилларга чидамлилигини таъминлайдиган генларни тавсифлаб берди. Шунингдек, ғўзанинг айрим ҳужайраларидан тўла қимматга эга ўсимликлар яратилди ва илк бор Ўзбекистоннинг интеллектуал мулки деб эътироф этилган ғўзанинг «ген-нокаут» технологияси ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. 

Ушбу янги технология анъанавий пахта селекциясининг асосий вазифаларини ҳал этиш имконини берганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунончи, пахтачилик тарихида илк маротаба ўрта толали пахта навидан қисқа муддат ичида агрономик муҳим белгиларининг асосий кўрсаткичлари яхшиланган «Порлоқ» навлари яратилди. Бу навлар узунлиги 38-42 миллиметр бўлган 1-2 типдаги юқори сифатли толага эга. Бунинг асосида мамлакатимизда ушбу янги турдаги тола нархига ўзгартириш киритилди. У оддий навли толага қараганда 12 фоиз қиммат сотилади. 

Халқаро мутахассислар «Порлоқ» навларининг толасига юқори баҳо бермоқда. Жумладан, «Cotton Incorporated» компанияси вице-президенти Хек Катер (АҚШ) бу борада қуйидагича фикр билдирди: «Порлоқ» нави толасининг сифатини Калифорнияда етиштириладиган «SJV Aсala» ғўза навининг энг яхши толаси билан таққосласа бўлади. «Порлоқ-1» нави толасини тараш ва йигириш орқали юқори сифатли калава олиш мумкин». 

Бундан ташқари, марказимиз олимлари томонидан дунё илм-фанида илк бор ғўза геномида рекомбинацион блоклар ўлчами узунлиги аниқланди, тола чиқиши ва сифатига жавоб берадиган ДНК-маркерлар идентификация қилинди. Ушбу муҳим ютуқлар мамлакатимизда ўсимликларнинг анъанавий селекциясини бир неча марта тезлаштирадиган самарали «маркерларга асосланган селекция» (МАС) технологиясини яратиш имконини берди. 

МАС – ўсимликлар геноми молекуласи (молекуляр маркер) асосидаги муайян белгили селекциядир. Маркер маълум бир хусусиятни аниқ белгилайдиган маҳсулот ҳисобланади. Масалан, инсон танасига хос бўлган турли чандиқ, хол ва бошқа белгилар шахсни таниш учун “маркерлар” вазифасини ўташи мумкин. Бошқача айтганда, бундай молекуляр маркерлар ёрдамида мавсум бошидаёқ энг яхши экинларни саралаб олиш мумкин. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, молекуляр маркерлар ёрдамида бир ўсимликда бир неча фойдали ва зарур генларни жамлаш имконияти мавжуд. 

МАС технологияси анъанавий селекциядан фарқли равишда экин майдонида зарарли ўсимликларга қарши сарф-харажатларни қисқартириш, селекция жараёнини бир неча марта тезлаштириш, унинг самарадорлиги ва аниқлигини оширади. Масалан, селекционер вилтга чидамлилик маркерига эга бўлса, ғўза баргини синовдан ўтказиш орқали ўсимликнинг касалликка чидамлилигини аниқлаши мумкин. Бунда касалликка чидамлиликни ва касаллик аломатларининг пайдо бўлишини аниқлаш учун бутун ғўза популяциясини вилт билан зарарлантиришга ҳожат йўқ. Энг муҳими, МАС технологияси қисқа муддатда исталган нав ДНКсига бир пайтнинг ўзида генларнинг янги фрагментлари ва гуруҳини киритиш имконини беради. Бунинг самарасида навнинг мослашувчанлиги, барқарорлиги ва чидамлилигини белгилайдиган генетик хилма-хиллиги янада кенгаяди. 

Ўтган даврда марказимиз олимлари томонидан ғўза генлари учун дастлабки молекуляр маркерлар тўплами яратилди ва уларнинг хўжалик-қиймат белгилари билан генетик боғлиқлик даражаси тадқиқ этилди. Ушбу тадқиқотлар турли мамлакатлардаги ғўза навларини таққослаш ва Ўзбекистон янги навларининг ўзига хослигини молекуляр даражада исботлаш имконини берди. Шу билан бирга, бу борадаги натижалар мамлакатимизда экиладиган навларнинг молекуляр ва генетик хилма-хиллигининг камлигини ҳам кўрсатди. Бу келгусида юртимиз пахтачилигида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш мақсадида экиладиган навларнинг генетик базасини кенгайтириш бўйича тадқиқотларни ўз вақтида амалга оширишни тақозо этмоқда. 

Бунинг самарасида қисқа муддат ичида 4-5-типдаги толага эга бўлган “Андижон-35” ва “Меҳнат” навлари негизида “Равнақ-1” ва “Равнақ-2” навлари яратилди. Айни пайтда сифатли (3-типдаги) тола ва юқори ҳосилдорлиги билан ажралиб турадиган ушбу навлар давлат томонидан синовдан ўтказилмоқда. Бу нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё пахта селекциясида МАС технологияси муваффақиятли қўлланаётганининг дастлабки самарасидир. “Порлоқ” навлари ген инженерияси ютуғи бўлса, “Равнақ” навлари ген инженерияси қўлланилмаган, фойдали агрономик белгилар учун жавоб берадиган геном участкаларининг аниқ селекцияси асосидаги замонавий селекциянинг намунасидир. 

Айни пайтда марказимизда йигирмадан ортиқ янги МАС генотипи яратилди. Улар ўз геномларида тола сифати, эртапишарлиги, юқори ҳосилдорлиги ва вилтга чидамлилиги бўйича пахтачилик селекциясида ҳозирча фойдаланилмаган янги генетик белгиларга эга. Ғўзанинг ушбу янги навлари босқичма-босқич такомиллаштирилиб, кенг кўламда давлат синовидан ўтказиш учун тақдим этилади. МАС навларининг жорий этилиши эса мамлакатимиз пахтачилигини барқарор ривожлантиришни таъминлаши шубҳасиз. 

Энг муҳими, бундай замонавий технологияларнинг қишлоқ хўжалиги селекцияси амалиётига жорий этилиши дунё миқёсида Ўзбекистон селекция илм-фанининг нуфузи ва рақобатбардошлигини оширади. Айни пайтда марказда МАС технологияси буғдой ва узум навларини яхшилаш учун ҳам қўлланилмоқда. Келажакда қишлоқ хўжалиги экинларининг ген-нокаут ва МАС навларини яратиш учун янги технологияларни жорий қилиш давом эттирилади. 

Давлатимиз томонидан бу борадаги ишлар қўллаб-қувватланиб, инновацион фаолиятни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳамда ушбу йўналишдаги устувор вазифаларни ҳал этишга қодир истеъдодли ёш олимлар етишиб чиқаётгани биотехнологик тадқиқотларни чуқурлаштириш, қишлоқ хўжалиги фанини юксалтириш, халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, пировардида Ватанимиз тараққиётига хизмат қилади. 

Иброҳим Абдураҳмонов, 
Ўзбекистон Фанлар академияси 
Геномика ва биоинформатика маркази 
директори, биология фанлари 
доктори, профессор.
 


Ish vaqti:
Dushanba-Juma 9:00 -18:00
O‘zbekiston Respublikasi, Toshkent viloyati, Qibray tumani, Universitet ko’chasi 2-uy
Biz ijtimoiy tarmoqlardamiz
Рейтинг@Mail.ru счетчик посещений
Связаться с нами
Ushbu qator to’ldirilishi shart
Ваше имя:*
Ushbu qator to’ldirilishi shart
Телефон:*
Ushbu qator to’ldirilishi shart
Галочка*
Скрытое поле:
Спасибо! Форма отправлена